Сил қандай касаллик?

Сил (туберкулёз-чахотка) – юқумли касаллик бўлиб, уни сил микобактериялари, яъни Кох таёқчалари чақиради.

Туберкулёз қандай юқади?

Касалликнинг асосий манбаи – ўпка силига чалинган одамдир. Микобактериялар айниқса бемор йўталганда нафас йўлларидан ажраладиган балғам орқали ташқарига чиқади. Ҳаводаги сачраган балғам томчилари бемор одамдан ён атрофдагиларнинг нафас йўлларига тушади. Бундан ташқари, балғам кўчаларда ер юзасига, уй шароитида полга, нарса ва буюмларга ўтириб қолади.  Ташқаридаги инфекция организмга шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинмаганда, яъни автобус тутқичларини ушлагандан сўнг қўллар ювилмаганда, мева ва сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилинганда, гўшт ва сут маҳсулотлари термик ишлаш ва тайёрланишига эътибор берилмаган ҳолатларда тушади.

Агар оилада сил билан касалланган бемор бўлса, нима қилиш керак?

Аввало беморнинг ўзи тартиблиликка ва маданиятлиликка кўп нарса боғлиқ эканлигини англаши лозим. Бемор барча шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиши шарт! (Шу билан бир қаторда бемор оила аъзолари ва яқинларининг гигиена масалаларидаги  билим ва малакалари  ҳам аҳамиятга эга). Бемор ўз хонасига ёки ўз бурчагига эга бўлиши керак. Беморнинг ётоқ кровати деразага яқин бўлиши, умумий хонадаги диванда ётмаслиги лозим, чунки кундуз куни диванда бошқа оила аъзолари ва болалар ўтиришларини унутмаслиги керак. Беморнинг нарсалари, идиш – товоқлари алоҳида ўзи учун ажратилган бўлиши лозим.